ЖЧ-2026 очилиш маросими бўлиб ўтди
Бугун, 11 июн куни 2026 йилги Жаҳон чемпионатининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбир Мексика пойтахти Мехикодаги муқташам «Ацтека» стадионида ташкил этилди. Маросимда таниқли хонанда Шакира, шунингдек, Андреа Бочелли, EJAE ва J Balvin каби ижрочилар ўз дастурлари билан чиқиш қилишди. Айни дақиқаларда дунё биринчилигининг очилиш учрашуви — Мексика ва ЖАР терма жамоалари ўртасидаги баҳс давом этмоқда.
Турнирнинг асосий босқичида 48 та терма жамоа иштирок этаётган бўлиб, улар 4 тадан 12 та гуруҳга бўлинган. Мусобақага мезбонлик қилаётган уч мамлакат (АҚШ, Канада, Мексика) турнирда тўғридан-тўғри қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритган, қолган жамоалар эса саралаш босқичидан ўтиб келишди.
Гуруҳ босқичи ўйинлари 11 июндан 27 июнгача давом этади. Унда жамоалар бир даврали тизимда ўзаро баҳс олиб боришади (ҳар бир терма жамоа учтадан ўйин ўтказади). Плей-офф босқичига ҳар бир гуруҳдан иккитадан энг яхши жамоа ҳамда учинчи ўринни эгаллаган энг кучли 8 та терма жамоа йўл олади. Мусобақа давомида жами 104 та учрашув ўтказилади ва бу Жаҳон чемпионатлари тарихидаги мутлақ рекорд кўрсаткичдир.