ЖЧ-2026. Ироқ Боливия устидан ғалаба қозониб, ЖЧ-2026 йўлламасини расмийлаштирди
31 мартдан 1 апрелга ўтар кечаси Ироқ ва Боливия миллий терма жамоалари ўртасида қитъалароро ўтиш босқичининг ҳал қилувчи учрашуви бўлиб ўтди. Мазкур баҳсда Ироқ терма жамоаси 2:1 ҳисобига ғалаба қозониб, Жаҳон чемпионатининг финал босқичига йўлланма олди.
Учрашувнинг 10-дақиқасида Али Ал-Ҳамади ҳисобни очган бўлса, танффусга қадар боливияликлар Мойсес Паниагуаниғ саъй-ҳаракатлари билан мувозанатни тиклашга муваффақ бўлишди. Бироқ 53-дақиқада Аймен Ҳуссейн томонидан киритилган гол учрашувда якуний натижани белгилаб берди. Жанубий Америка вакилларининг ўйин охирига қадар амалга оширган ҳужумлари натижа бермади.
Қуръа натижаларига кўра, Ироқ терма жамоаси мундиалниг гуруҳ босқичида Франция, Сенегал ва Норвегия жамоалари билан куч синашади.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йилги Жаҳон чемпионати 11 июндан 19 июлга қадар бўлиб ўтади. Мусобақа тарихида илк бор 48 та терма жамоа иштирок этади ва ўйинлар учта мамлакат — АҚШ, Канада ҳамда Мексика стадионларида ўтказилади.