ЖЧ-2026: Франция Марокашни мағлуб этиб, ярим финалга чиқди
Жаҳон чемпионатининг чорак финал босқичидан ўрин олган Франция — Марокаш учрашуви якунланди. Унда амалдаги вице-чемпионлар 2:0 ҳисобига ғалаба қозонишди.
Учрашувнинг 28-дақиқасида Франция терма жамоаси ҳужумчиси Килиан Мбаппе пеналтидан фойдалана олмади. Шунга қарамай, 60-дақиқада жамоа сардорининг ўзи ҳисобни очишга муваффақ бўлди. Орадан олти дақиқа ўтиб, Усмон Дембеле Мбаппенинг узатмасидан сўнг французларнинг устунлигини мустаҳкамлади — 2:0.
Ушбу ғалабадан сўнг Франция терма жамоаси ярим финалга йўлланма олди ва ушбу босқичда французлар 10-июль куни ўтказиладиган Испания — Бельгия учрашуви ғолиби билан куч синашади.
Маълумот учун, ЖЧ-2026 баҳслари АҚШ, Канада ва Мексика майдонларида бўлиб ўтмоқда. Турнирнинг финал учрашуви 19-июль куни Американинг Ист-Рутерфорд шаҳрида бўлиб ўтади.