locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Жасурбек Жайсунов: \"Хитойдаги мусобақалар биз учун анчагина муваффақиятли ўтди, асосий мақсад Жаҳон чемпионати\"

Футбол
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
Жасурбек Жайсунов: "Хитойдаги мусобақалар биз учун анчагина муваффақиятли ўтди, асосий мақсад Жаҳон чемпионати"
PHOTO: Telegram

Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси ахборот хизмати миллий терма жамоа аъзоси Жасурбек Жайсунов билан кичик суҳбат ташкил этди. Интервьюда сиз Жасурбекнинг ортда қолган икки халқаро мусобақа, Тошкентдаги халқаро йиғин ва қолаверса, термамизнинг кейинги халқаро мусобақаси бўйича маълумот олишингиз мумкин.

"Барчага салом. Мана бизнинг Хитойга қилган сафаримиз ҳам якунга етди. "WT Президенти кубоги"нинг Осиё қитъаси учун мўлжалланган турнири ҳамда клублар ўртасидаги Осиё чемпионати каби муҳим мусобақаларда иштирок этдик. Ушбу мусобақаларда бизнинг терма жамоа анчагина муваффақиятли иштирок этганини таъкидламоқчиман. Кўпгина медалларга эга чиқдик. Шу қаторида менга ҳам мазкур мусобақаларда юртимиз шарафини ҳимоя қилиш ва ҳар икки турнирда ғолиб бўлиш насиб этди. Бу турнирлар орқали шу йили бўлиб ўтадиган йирик турнирлар, мисол учун, Жаҳон чемпионати, Ислом бирдамлик ўйинлари каби мусобақалар учун муҳим рейтинг очколарини ишлаб олдим. Мусобақалардан қайтишимиз биланоқ ўз қароргоҳимизда Бразилия ва Хитой Олимпия терма жамоалари иштироки билан халқаро ўқув-машғулот йиғини бошланди. Ҳар икки термада муносиб спортчилар етарлича. Бу машғулотлар бизга навбатдаги старт — София шаҳрида ўтадиган "WT President's Cup Europe" мусобақаси олдидан яхши тайёргарлик вазифасини ўтайди. Мусобақада иштирок этишдан асосий мақсадимиз Европанинг ҳам топ даражадаги таэквондо усталари билан беллашиб, Жаҳон чемпионатидан олдин яхши тайёргарлик кўришдир. Умид қиламанки, бу мусобақада ҳам ўз вазн тоифамда кучлилар қаторида бўламан. Энг муҳими, бизга мухлислик қилиб, қўллаб-қувватлаётган барчага миннатдорчилик билдираман", дейди Жайсинов.

Маълумот учун, "10th WT President's Cup Europe" мусобақаси 18-май куни Болгария пойтахти Софияда ташкил этилади.

Иброҳим Жалолов
Иброҳим Жалолов
Редактор
Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг