ЖАР терма жамоаси яримҳимоячиси Тхемба Зване учта ўйинга дисквалификация қилинди
Жанубий Африка Республикаси (ЖАР) миллий терма жамоаси яримҳимоячиси Тхемба Зване ЖЧ-2026 гуруҳ босқичининг 1-туридан ўрин олган Мексикага қарши учрашувдаги (0:2) четлатиш сабабли учта ўйинга дисквалификация қилинди. Бу ҳақда Globo нашри хабар бермоқда.
36 ёшли футболчи мазкур учрашувнинг 61-дақиқасида захирадан майдонга тушган эди. Бироқ орадан 23 дақиқа ўтиб, Мексика терма жамоаси ярим ҳимоячиси Роберто Алварадога қарши қўпол ҳаракат қилгани учун майдондан четлатилди. Зване рақибининг юз қисмига қўли билан зарба берган.
Шу тариқа, Тхемба гуруҳ босқичининг қолган қисмидаги Чехия ва Жанубий Корея терма жамоаларига қарши ўйинларни ўтказиб юборади. Шунингдек, ЖАР терма жамоаси кейинги босқичга йўлланма олган тақдирда ҳам, у плей-оффнинг дастлабки баҳсида майдонга туша олмайди. Айни пайтда ЖАР жамоаси битта учрашувдан сўнг очко жамғара олмаган ҳолда «A» гуруҳида сўнгги, тўртинчи ўринни эгаллаб турибди.