Жанубий Корея футболида катта можаро: ҳакамларга жинсий хизматлар ташкил этилгани айтилаяпти
Жанубий Корея футбол ассоциацияси атрофида янги жиддий можаро юзага келди. Ташкилот 2011–2012 йилларда айрим халқаро учрашувларда ишлаган хорижлик ҳакамлар учун жинсий хизматлар ташкил қилганликда гумон қилинмоқда.
Жанубий Кореянинг JTBC телеканали маълумотига кўра, айбловлар мамлакат Маданият, спорт ва туризм вазирлиги томонидан 2016 йилда тайёрланган махфий аудит ҳужжатларига асосланган. Ҳужжатларда футбол ассоциацияси маблағлари ҳакамлар учун “массаж хизматлари”га сарфлангани қайд этилгани айтилаяпти.
Хабарларга кўра, бу ҳолатлар 2011 ва 2012 йилларда Жанубий Корея терма жамоаси иштирокидаги муҳим учрашувлар арафасида содир бўлган. Собиқ ассоциация ходимларидан бири бундай ҳаракатлардан мақсад ҳакамларнинг қарорларига таъсир кўрсатиш бўлганини билдирган.
Yonhap агентлиги маълумотига кўра, мазкур учрашувларда Япония, БАА, Эрон, Баҳрайн ва Ўзбекистон каби давлатлардан ҳакамлар фаолият олиб борган. Ҳозирча айнан қайси ҳакамлар ноқонуний хизматлардан фойдалангани ҳақида батафсил маълумот берилмаган.
Жанубий Корея футбол ассоциацияси вакили воқеалар тахминан 15 йил аввал содир бўлганини қайд этиб, ҳозир ташкилотда молиявий харажатлар ва ички тартиб-қоидаларга нисбатан қатъий назорат ўрнатилганини билдирган.
Айни пайтда Жанубий Корея футбол ассоциацияси бошқа можаро доирасида ҳам текширув остида. 6-август куни полиция собиқ бош мураббий Хон Мён Бонинг 2024 йилдаги тайинланиш жараёнидаги эҳтимолий қонунбузарликлар юзасидан ассоциация офисида тинтув ўтказган.