Жанни Инфантино: «Эроннинг ЖЧ-2026даги иштирокига фақат битта режа бор — у ҳам бўлса \"A\" режаси»
FIFA президенти Жанни Инфантино АҚШ, Канада ва Мексика майдонларида бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатида Эрон терма жамоасининг иштирок этиши борасида ўз фикрини билдирди.
«Биз Эрон жамоаси қандай мураккаб вазиятда эканлигини жуда яхши тушуниб турибмиз ва реалликни тўғри баҳолаяпмиз. Шунга қарамай, ишлашда давом этамиз ва уларнинг Жаҳон чемпионатидаги ўйинлари максимал даражада қулай шароитларда ўтиши учун барча имкониятларни ишга соламиз. Ҳеч қандай муқобил режалар — на "B", на "C" ва на "D" режаси мавжуд эмас, фақатгина "A" режаси бор.
Биз мураккаб геосиёсий вазиятда яшаяпмиз ва унга таъсир кўрсатиш бизнинг қўлимизда эмас. Бироқ биз одамларни бирлаштиришга, уларга бирдамликни ҳис қилиш имконини беришга ҳамда тинчлик ва байрам муҳитини яратишга қодирмиз», — деди Инфантино.
FIFA раҳбари Эрон терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги ўрнини «муддатидан аввал ва фақатгина спорт тамойиллари асосида» таъминлаганини алоҳида таъкидлади. Шу сабабли, халқаро футбол ташкилоти ушбу натижага ҳурмат билан ёндашиш ниятида.