Жанни Инфантино Эрон терма жамоаси ўйинларининг АҚШдан Мексикага кўчирилиши борасидаги хабарларга муносабат билдирди
FIFA президенти Жанни Инфантино 2026 йилги Жаҳон чемпионатида Эрон терма жамоаси иштирокидаги ўйинларни АҚШдан Мексикага кўчирилиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларга изоҳ берди.
«FIFA жаҳон чемпионатида иштирок этадиган барча жамоалар ҳалол ўйин ва ўзаро ҳурмат руҳида мусобақалашишига умид қилади. Бизда тасдиқланган тақвим бор. Тез орада барча 48 та иштирокчи жамоа номи маълум бўлади ва биз жаҳон чемпионати белгиланган график асосида ўтишини хоҳлаймиз», — дея Инфантинонинг сўзларини келтирди журналист Роб Харрис.
Эслатиб ўтамиз, Осиё минтақасидан саралаш босқичини муваффақиятли якунлаган Эрон терма жамоаси «G» гуруҳидан жой олган. Ушбу гуруҳда, шунингдек, Бельгия, Миср ва Янги Зеландия жамоалари ҳам бор. Режага кўра, Эрон Янги Зеландия ва Бельгияга қарши Лос-Анжелесда, Миср билан эса Сиэтлда майдонга тушиши белгиланган.