Жамшид Саидов: «Мен ҳам инсонман, мен ҳам хато қиламан»
Суперлиганинг 20-туридаги сўнгги ўйин Навоийда бўлиб ўтди. Унда «Қизилқум» ва «Бухоро» ўртасида қизиқарли учрашув бўлиб ўтди. 5 та гол урилган ўйинда майдон эгалари 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди.
Навоийликлар 3:0 ҳисобида олдинда бораётиб, кейинчалик ўз дарвозасидан иккита гол ўтказиб юборишди, ўйин интригаси роса «қайнади». Якунда «Қизилқум» бир амаллаб ғалабани сақлаб қолди. Ўйиндан сўнг мезбонлар устози Жамшид Саидов ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
- Ўйин бўйича йигитларга ортиқча эътироз йўқ. Ғалабага бўлган шижоатни кўрсатишгани ва якунда ғалабага эришганимиз учун стадионга келган барча мухлисларимизни табриклайман.
- Таркибда қилган ўзгаришлардан кейин назаримда жамоанинг ўйин сифати ёмонлашгандек бўлди...
- Ҳа, мен ҳам инсонман, мен ҳам хато қиламан. Лекин бугун қаердадир шошилиб қарор қабул қилдим, деб ҳисоблайман. Захира алмашинувини амалга оширишга шошилдим ва беш нафар ҳимоячи билан ўйнашга ўтдим.
Лекин хатолар ҳам бўлиб туради. Энг муҳими, бугун барибир ғалаба қозондик. Йигитлар бугун ғалаба учун қўлларидан келган ҳамма ишни қилишди, имконсиздек кўринганини ҳам амалга оширишди», - дея Саидовнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.a