Жамолиддин Раҳматуллаев — Ўзбекистон U-18 жамоаси бош мураббийи
Ўзбекистон U-18 миллий жамоасида қониқарсиз натижалардан сўнг мураббий ўзгарди.
"Бугун Ўзбекистон футбол ассоциацияси мураббийлар кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон U-17 жамоасининг жаҳон чемпионатига тайёргарлик режалари ҳамда Ўзбекистон U-18 жамоасига бош мураббий тайинлаш масаласи муҳокама қилинди.
Йиғилиш давомида, Ўзбекистон U-18 миллий жамоаси бош мураббийи Аскар Халмуратов бошчилигидаги мураббийлар штаби томонидан жамоа олиб борган йиғинлари, селекция, тиббий, руҳий ва жисмоний тайёргарлик кўрсаткичлари бўйича маълумотлар тақдим этилди.
Ўз навбатида мураббийлар кенгаши аъзоларининг Ўзбекистон U-18 жамоасининг халқаро турнирлар ва ўртоқлик учрашувларидаги иштироки юзасидан таҳлил ҳамда хулосалари тингланди, тажриба ва хатолар устида ишлаш мураббийларнинг келажакдаги фаолиятларида муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Кун тартибидан жамоага янги бош мураббий тайинлаш масаласи ҳам ўрин олди. Ўзбекистон ёшлар жамоасининг 2027 йилги U-20 Осиё кубоги ҳамда ФИФА U-20 жаҳон чемпионатига тайёргарлиги режа асосида давом этади. Тавсиялар ва муҳокамалар якунига кўра, Жамолиддин Раҳматуллаев Ўзбекистон U-18 миллий жамоаси бош мураббийи этиб тайинланди.
Шунингдек, йиғилишда миллий жамоаларга футболчиларни селекция қилиш, жисмоний, техник ва тактик кўрсаткичлар бўйича тавсиялар берилиб, жамоаларимиз учун зарур шароитлар яратилиши таъкидланди", — дейилади ЎФА хабарида.