Жалолиддин Машарипов: «Ҳар доимгидек, олдинги ўйинлар каби ўйнашимиз керак»
Хабарингиз бор Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида бир неча кундан кейин Жаҳон чемпионати сўнгги саралаш босқичи доирасидаги биз учун муҳим қарама-қаршиликлардан бири бўлиб ўтади.
Эрон чемпионатида соврин ютиб терма жамоамиз машғулотларига қўшилган Жалолиддин Машарипов УФА расмий сайтига жараён бўйича ўз фикрларини билдирди:
«Ҳамма болаларнинг кайфияти яхши. Олдимизда қандай ўйин борлигини билиб турамиз. Мотивацияни жуда ошириб юбориш ҳам керак эмас. Ўйин пайтида халал бериши мумкин. Ҳар доимгидек, олдинги ўйинлар каби ўйнашимиз керак. Худди шу муҳит ва кайфият билан ҳаракат қилишимиз керак, деб ўйлайман. Босимдан қутулиш учун жамоага кайфият улашяпмиз (кӯлади).
Ҳали учрашувга беш кун вақт бор. Ҳадеб ўйин ҳақида ўйлайвериш инсонга халал ва салбий таъсир қилади. Жисмоний ҳолатим яхши. Ўн бешинчи санада чемпионат тугаган бўлса, кейин яна икки ҳафта клуб билан машғулот қилдик ва иккита расмий ўйин ўтказдик. Шунинг учун ҳаммаси жойида. Бирлашган Араб Амирликлари ҳавосига ҳам анча мослашиб олдик», — дейди Машарипов
Эслатиб ўтамиз, БАА–Ўзбекистон терма жамоалари ўртасидаги баҳс 5 июн куни бўлиб ўтади.