Ўзбекистоннинг 19 та клуби ОФК лицензиялашидан муваффақиятли ўтди
Осиё футбол конфедерацияси 2026-2027-йилги мавсумда лицензиялаш текширувлари натижасида клублар миқёсидаги қитъавий мусобақаларда иштирок этишга лойиқ деб топилган клублар рўйхатини эълон қилди.
Жорий йилги лицензиялаш мавсуми натижаларига кўра, Ўзбекистоннинг 19 та клуби ОФК лицензиялашидан муваффақиятли ўтиб, профессионал клуб мақомини олди. Аҳамиятлиси, жорий йил натижаларига кўра, Суперлигасининг барча жамоалари, шунингдек, Про-лиганинг уч клуби — Арал, Металлург ҳамда Шўртан лицензияга эга чиқди. Булар орасида Қорақалпоғистоннинг Арал клуби ўз тарихида илк бор лицензиятга айланди.
Конфедерация тақдим этган маълумотга асосан, Ўзбекистон ва Қатар лицензиятлар сони бўйича қитъада етакчи бўлиб турибди — 19 тадан. Саудия Арабистони эса 18 та лицензият билан кейинги ўринда лицензиялаш мавсумини якунлади.
Таъкидлаш жоизки, клубларимизнинг ОФК лицензиялашдаги фаол иштироки нафақат улардаги инфратузилма, кадрлар сиёсати, юридик ва бухгалтерия ишларининг тўғри йўлга қўйилишига, балки барча клубларимизнинг қитъа миқёсидаги мусобақаларга шай ҳолатда бўлишларини таъминламоқда. Жумладан, жорий йилнинг апрель ойида ОФК Профессионал футбол қўмитаси томонидан қабул қилинган ҳамда ОФК Ижроия қўмитаси томонидан тасдиқланган ОФК Элита Чемпионлар Лигасининг кенгайтирилиши натижасида Ўзбекистон учун ажратилган квоталар сони яна биттага кўпайиб, «Насаф» клуби ҳам келгуси мавсумдан халқаро майдонда иштирок этиши ойдинлашди. Клуб лицензиялаш мавсумига бетафо бўлмагани натижасида уларнинг мусобақадаги иштирокига лицензиялаш масаласи тўсиқ бўлмаяпти.
Маълумки, ОФК лицензиялаш дастури футбол клубларининг аниқ моделини белгилаб берган ҳамда бу жараёнда бир қатор ўзгармас моделларга таянади. Бироқ сўнгги йилларда миллий лигаларимизда «ФарДУ», «БухДУ» ва «ТерДУ» каби университет жамоалари, «Олимпик Мобиуз» ҳамда Республика ФА сингари давлат миқёсида ёшлар футболини ривожлантиришга йўналтирилган махсус лойиҳалар, шунингдек, «Ғазалкент» ва «Каттақўрғон» каби хусусий клублар ҳам фаолият олиб бормоқда. Ушбу клублардан баъзилари янги ташкил этилгани сабабли ОФК лицензиясига эга чиқа олмаётган бўлса, баъзилари тузилиш шакли туфайли амалдаги регламентга кўра бундай лицензияни ололмайди.
Шуларни инобатга олган ҳолда, Лига айни вақтда мазкур клубларнинг инфратузилма билан боғлиқ бир қатор асосий йўналишларини ўрганиб бормоқда ва улар ушбу текширувлардан муваффақиятли ўтган тақдирда, йил якунига қадар профессионал клуб мақомини олган клублар сони яна бир нечтага кўпайиши мумкин.