Ўзбекистонлик футболчи Аббосбек Файзуллаев ЦСКАнинг мавсумдаги энг ёмон ўйинчиси деб топилди
Россиянинг Football24.ru спорт портали Москванинг ЦСКА клубининг 2024/2025 йилги футбол мавсумидаги иштирокига бағишланган таҳлилий мақола чоп этди. Унда журналистлар жамоа ўйинини таҳлил қилиб, футболчиларга баҳо бердилар, ким яхши ва ким ёмон ўйин кўрсатганини алоҳида қайд этдилар.
Жамоа дарвозабони Игор Акинфеев энг юқори — 10 баллдан 8 балл олди. Нашр фикрича, дарвозабон мавсумни юқори савияда ўтказган ва мураккаб ўйинларда жамоани бир неча бор қутқарган.
Шу билан бирга, портал талқинига кўра, ЦСКАнинг энг ёмон ўйинчиси Ўзбекистонлик ярим ҳимоячи Аббосбек Файзуллаев бўлди. Унинг жамоа ўйинига қўшган ҳиссаси 10 баллдан атиги 4 баллга баҳоланди. Журналистлар футболчининг олдинги мавсумларга нисбатан сезиларли даражада пасайганини таъкидладилар. "Пари НН"га қарши ўйиндаги ягона самарали узатмаси баҳорги омадсиз даврни қоплаб бера олмади. Нашрнинг таъкидлашича, Файзуллаев ўйинидаги пасайиш муҳокамаларга сабаб бўлган ва клуб шу ёзда футболчининг келажаги борасида муҳим қарорлар қабул қилиши мумкин.
2024/2025 йилги мавсум якунларига кўра, ЦСКА 59 очко тўплаб, Россия чемпионатида учинчи ўринни эгаллади ва бронза медалларини қўлга киритди. Жамоа барқарор натижа кўрсатди, бироқ порталнинг қайд этишича, Файзуллаев каби айрим футболчилар ўз салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқара олмадилар.