Ўзбекистонлик ҳакамлар клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ўйин бошқаради
Илгиз Танташев бошчилигидаги Ўзбекистонлик ҳакамлар гуруҳи 2025 йилги Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатидаги илк тур учрашувини бошқаради. Мусобақа 14 июн куни АҚШда старт олди ва 13 июлгача давом этади.
Ҳакамларимиз 17 июн куни бўлиб ўтадиган “Флуминенсе” (Бразилия) – “Боруссия Д” (Германия) ўртасидаги ўйинда фаолият олиб борадилар. Бригада таркибидан Илгиз Танташев, Андрей Цапенко ва Тимур Гайнуллин ўрин олган. Ўйинда тўртинчи ҳакам сифатида БАА вакили Оммар Аль-Али тайинланган.
Қайд этиш керак, Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати мухлислар орасида турлича фикрларга сабаб бўлмоқда. Айримлар уни футбол байрами сифатида қабул қилса, бошқалар мусобақанинг ташкилотчилик даражаси ва жамоаларнинг мавсумдан кейин чарчаган ҳолати сабаб танқид қилмоқда. Шунингдек, “Барселона”, “Ливерпул” ва “Арсенал” каби йирик жамоаларнинг қатнашмаётгани ҳам баҳсларга сабаб бўлди.