Ўзбекистонлик ҳакам Наим Қосимов Жаҳон чемпионатининг 9 та учрашувида фаолият юритди
Африка қитъасининг шарқида, Ҳинд океанида жойлашган хушҳаво ва хушманзара Сейшел ороли пойтахти Виктория шаҳри май ойининг дастлабки ярмида соҳил футболи мухлислари диққат марказида турди. 155 та ороллар архипелагининг ажралмас бу қисми соҳил футболи бўйича XIII жаҳон чемпионати финал босқичига мезбонлик қилди.
Сайёрамизнинг 16 кучли терма жамоаси иштирок этган Мундиалда чарм тўп сеҳргарлари юрти – Бразилия терма жамоаси еттинчи марта жаҳон чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлди. Бразилияликлар финалда Беларусь терма жамоасини 4:3 ҳисобига мағлубиятга учратди. Кумуш медаллардан ташқари бронза медаллари ҳам Европа қитъаси вакилларида кетди. 3-ўрин учун ўтказилган учрашувда Португалия терма жамоаси Африка қитъаси вакили – Сенегал терма жамоасини 3:2 ҳисобига доғда қолдирди.
Эътиборга молик жиҳати соҳил футболи бўйича мазкур жаҳон чемпионатида ўзбек ўғлони, таниқли FIFA рефериси Наим Қосимов ҳам фаолият олиб борди. Наим Қосимов 11 кун ичида 9 та баҳсда фаолият юритгани диққатга сазовор. Халқаро футбол федерациялари уюшмаси ҳакамлар қўмитаси Наим Қосимовга гуруҳ баҳсларининг биттасини (Сальвадор – Италия – 0:5) бошқариш, шунингдек, бештасида бош ҳакам ёрдамчиси сифатида ишлаш имкониятини берди.
Ўзбекистонлик рефери Жаҳон чемпионатининг охирги кунига қадар учрашувларни бошқаришга жалб этилди. Жумладан, 8 май куни плей-оффнинг дастлабки босқичи – чорак финалда Беларусь – Эрон (4:3), 10 май санаcида эса ярим финалнинг Португалия – Бразилия терма жамоалари учрашувларида бош ҳакам ёрдамчиси вазифасини ўтади. Ва ниҳоят Мундиалнинг охирги куни Наим Қосимов Сенегал – Португалия (2:3) терма жамоалари ўртасида кечган 3-ўрин учун ўйинда ҳам бош ҳакам ёрдамчиси сифатида майдонга чиқди.