Ўзбекистонга қарши ўйин Қозоғистон терма жамоаси мураббийи учун ҳал қилувчи бўлиши мумкин
Қозоғистон миллий терма жамоаси бош мураббийсиз қолиши мумкин. Али Алиевнинг келажаги сентябрда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати–2026 саралаш босқичи ўйинлари натижаларига боғлиқ бўлади. Қозоғистон футбол федерацияси (ҚФФ) раиси Марат Омаровнинг маълум қилишича, шунингдек, Ўзбекистонга қарши назорат учрашуви ҳам муҳим мезон сифатида баҳоланади.
Омаров Остонадаги матбуот анжуманида мураббийлар штабига бўлган ишонч чегарали эканини таъкидлади. Қозоғистон термаси олдидаги учрашувлар жуда муҳим: Уэлс (ўз майдонида), Белгия (сафарда) ва Лихтенштейнга қарши ўйинлар шулар жумласидан. Шу билан бирга, расмий мақомга эга бўлмаганига қарамай, Ўзбекистонга қарши баҳсга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
«Уэлс, Белгия ва Ўзбекистонга қарши ўйинларга қараб қарор қабул қиламиз. Агар керакли натижа бўлмаса — кадрлар бўйича ўзгаришлар бўлади», — деди ҚФФ раҳбари.
Шу сабабли, Ўзбекистонга қарши ўйин нафақат Қозоғистон термасининг турнирдаги истиқболларига, балки бош мураббийнинг тақдирига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.