Ўзбекистон ЖЧ-2026 олдидан Уругвай билан ўйнайди
Ўзбекистон футбол ассоциацияси Уругвай терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашуви ўтказиш бўйича дастлабки келишувга эришди.
Бу беллашув Жанубий Американинг кучли термаларига қарши учинчи ўйин бўлади. Илгариги икки учрашув — 2018 ва 2019 йилларда ўтказилган ва ҳар иккисида ҳам уругвайликлар 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган. Янгидан белгиланган ўйин терма жамоамизга сўнгги йилларда эришилган ўсишни баҳолаш ҳамда жаҳон чемпионатида кутилган юқори даражадаги рақобатга мослашиш имконини беради.
Тимур Кападзе бошчилигида жаҳон чемпионатига чиқиш шарафига сазовор бўлган терма жамоамизнинг тайёргарлик режаси жуда бой. Илгари ҳам ФИФАнинг октябр ойидаги расмий халқаро ўйинлар ойнасида Ўзбекистон Аргентинага қарши назорат учрашуви ўтказиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Қайд этиш жоиз, Уругвай терма жамоаси 1930 йилдаги илк жаҳон чемпионати ғолиби ҳисобланади. Ушбу мусобақа мамлакат мезбонлигида ўтказилган бўлиб, финал Аргентинага қарши Монтевидеода махсус шу чемпионат учун тўққиз ойда қурилган “Сентенарио” стадионида бўлиб ўтган.