Ўзбекистон Жаҳон чемпионатидаги дебюти олдидан қуръа санасини билди
ФИФА 2026 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичи қуръа ташлаш маросими қачон ва қаерда бўлиб ўтишини эълон қилди. ESPN нашри хабарига кўра, ушбу тантанали тадбир 5 декабр куни АҚШнинг Лас-Вегас шаҳрида ўтказилади.
Қизиғи шундаки, Лас-Вегас турнир мезбон шаҳарлари қаторига кирмаган бўлса-да, қуръа ташлаш маросими айнан шу ердаги “Sphere” деб номланган ноёб концерт залида бўлиб ўтади. Бу иншоот дунёдаги энг йирик сферик бинолардан бири бўлиб, 17,5 минг томошабинни сиғдира олади ва 50 минг квадрат метрли улкан экран билан жиҳозланган.
Жаҳон чемпионати 2026 йили 11 июндан 19 июлгача АҚШ, Канада ва Мексикада ташкил этилади. Мусобақада 48 та терма жамоа иштирок этади.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихда илк бор мундиал йўлланмасига эга чиқди. Энди эса юртдошларимиз жамоамизнинг қайси гуруҳда ва кимларга қарши ўйнаши билан қизиқишмоқда. Қуръа натижалари ана шу саволларга жавоб беради.