Ўзбекистон U-23 терма жамоаси Осиё кубогини йирик ғалаба билан бошлади
Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида старт олган U-23 Осиё кубогида Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Ливан устидан 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди.
Дастлаб 24-дақиқада Амирбек Саидов дарвозабондан қайтган тўпни дарвоза тўрига жойлаб, ҳисобни очди. Иккинчи таймнинг 50-дақиқасида Хайруллаев ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди. 57-дақиқада Баҳромов жарима майдонига узатилган тўпни аниқ нишонга олиб, ҳисобни йириклаштирди. 65-дақиқада рақиб футболчиси гол киритди. Асосий вақтга қўшиб берилган дақиқаларда ливанликлар ҳисобни қисқартиришди. Якуний ҳисоб 3:2.
«C» гуруҳидан ўрин олган иккинчи учрашувда Эрон ва Жанубий Корея терма жамоалари 0:0 ҳисобида дуранг қайд этди. Ушбу натижалардан сўнг Ўзбекистон олимпия терма жамоаси гуруҳ пешқадамига айланиб олди. Жамоанинг навбатдаги ўйини 10-январ куни Эрон термасига қарши бўлиб ўтади.