Ўзбекистон терма жамоасининг собиқ мураббийи ва бир футболчи Президент томонидан берилган автомобилни бошқаларга ҳадя қилди
Аввал хабар берилганидек, футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Осиё чемпиони Қатарни 3:0 ҳисобида мағлуб этди. Учрашув Тошкентдаги “Бунёдкор” стадионида бўлиб ўтди.
Ўйиндан сўнг футболчилар ва мураббийлар тақдирланди. Ўзбекистон терма жамоаси ҳимоячиси Ислом Тўхтахўжаев Президент томонидан берилган BYD русумли автомобилни жамоадоши Бобур Абдихолиқовга ҳадя қилди. Шунингдек, терма жамоанинг собиқ бош мураббийи Сречко Катанец ҳам ўз автомобили калитини таржимон Даврон Аҳмедовга топширди.
Маълумотларга кўра, Абдихолиқов саралаш босқичида тўртта ўйинда қатнашиб, бир гол урган ва бир пенальти ишлаб олган. Бироқ сўнгги икки беллашувга чақирилмагани сабабли у мукофотга эга бўлмаган. Тўхтахўжаев эса фақат охирги икки учрашувда майдонга тушган ва ўз мукофотини Бобурга муносиб, деб ҳисоблаб, унга совға қилган.
Катанец эса соғлиғи туфайли термани тарк этган, аммо унинг меҳнатини эътироф этиш мақсадида сўнгги ўйинга таклиф этилган. У таржимон Даврон Аҳмедовнинг ёрдамини юксак баҳолаб, автомобилни унга берган.