Ўзбекистон терма жамоаси дарвозабонига Тошкент марказидан хонадон совға қилинди
Ўзбекистон миллий жамоаси Жаҳон чемпионатига чиққани муносабати билан яна бир аҳамиятли воқеа рўй берди. Машҳур тадбиркор Хуршид Тураев миллий терма жамоа дарвозабони Ўткир Юсуповга Тошкент марказидан уч хонали квартира совға қилди.
Бу ҳадя футболчининг терма жамоа таркибидаги ҳиссаси ва Ўзбекистоннинг тарихий ютуғи — Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритгани учун миннатдорлик ифодаси сифатида тақдим этилди. Эслатиб ўтамиз, терма жамоа ушбу ютуққа ОАЭга қарши ўйиндаги дуранг орқали эришганди.
Юсуповга берилган хонадон замонавий таъмирдан чиқарилган бўлиб, барча зарур жиҳозлар билан таъминланган. Бизнесмен вакилининг сўзларига кўра, футболчи исталган вақтда янги уйга кўчиб ўтиши мумкин.
Хуршид Тураев нафақат муваффақиятли тадбиркор, балки спортга қўллаб-қувватлов кўрсатадиган фаол шахс сифатида ҳам танилган. Унинг ташаббуси жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди. Кўпчилик бундай эътибор футбол ривожига хизмат қилиши ва спортчиларни янги ютуқларга илҳомлантиришини таъкидламоқда.
Ўткир Юсупов бу ҳақда ҳозирча расмий изоҳ бермаган, аммо жамоага яқин манбаларга кўра, у бундай совғадан жуда мамнун бўлган.