Ўзбекистон терма жамоаси CAFA турнири олдидан йиғин бошлади
26 август куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси Миллий футбол марказида CAFA турнири учун тайёргарлик йиғинларини бошлади. Жамоа бош мураббийи Тимур Кападзе йиғиннинг биринчи кунида мақсад ва режалар ҳақида гапирди.
— Ассалому алайкум, ҳурматли мухлислар. Биз йиғинни бошладик ва мақсадимиз — CAFA мусобақасида яхши натижага эришиш. Баъзи футболчилар бугунги тур сабаб йиғинга қўшила олмади, аммо эртага улар ҳам биз билан бўлади. Легионерлар эса бир неча кундан кейин етиб келишади. Ҳозирча мавжуд футболчилар билан ишлаяпмиз ва биринчи ўйинимизга жиддий тайёргарлик кўрмоқдамиз, — деди Кападзе.
Бош мураббий терма жамоада ҳар бир футболчининг ўрнига тўхталиб, Жалолиддин Машариповнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлади:
— Ҳар бир футболчининг ўз ўрни бор. Машарипов жамоани кучайтиришга қодир муҳим футболчи. У тез орада сафга қайтади, деб ўйлайман, — деди у.
Кападзе 30 август куни бўлиб ўтадиган Ўмон термасига қарши баҳсни алоҳида аҳамиятга эга эканини қайд этди:
— Ўмон янги мураббий Карлуш Кейруш қўл остида майдонга тушади. Бу жамоа биз учун кучли рақиб ва яхши спарринг бўлади. Легионерларимиз иштирок эта олмаса-да, бошқа футболчиларга ишонамиз ва энг яхши натижа учун курашамиз, — деди у.
Ўзбекистон – Ўмон учрашуви 30 август куни “Олимпия” стадионида соат 19:30 да старт олади.