Ўзбекистон синхрон сузиш терма жамоаси Осиё чемпионатини 16 медал билан якунлади
Таиландда ўтказилган ёш тоифалари ўртасидаги сув спорти турлари бўйича Осиё чемпионатининг сўнгги баҳс кунида Ўзбекистон синхрон сузиш терма жамоаси яна 3 та кумуш медални қўлга киритиб, мусобақадаги иштирокини муносиб якунлади.
Якуний баҳсларда вакилларимиз “A” ва “C” гуруҳлари эркин дастур жамоавий йўналишларида ҳамда “A” гуруҳи акробатик жамоавий дастурида кумуш медалларга сазовор бўлди.
Шу тариқа, Ўзбекистон синхрон сузиш терма жамоаси қитъа биринчилигини жами 16 та медал — 3 та олтин, 6 та кумуш ва 7 та бронза медал билан якунлади.
Бугун терма жамоа аъзолари Тошкент халқаро аэропортида тантанали равишда кутиб олинди.
Мазкур натижа мамлакатимизда синхрон сузиш спорт тури изчил ривожланаётгани, спортчилар ҳамда мураббийлар меҳнати ўз самарасини бераётганининг яна бир ёрқин тасдиғи бўлди.