Ўзбекистон миллий терма жамоаси йиғинни давом эттирмоқда
Пойтахтимиздаги Миллий терма жамоалар маркази спорт залида футзал бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасининг навбатдаги ўқув-машғулот йиғини қизғин давом этмоқда.
Бош мураббий Хосе Мария Мендес бошчилигидаги мураббийлар штаби йиғинга жалб қилинган номзодларнинг жисмоний ва техник-тактик тайёргарлигини синчковлик билан ўрганмоқда. Машғулотлар давомида футболчиларнинг индивидуал салоҳиятини янада очиш, жамоавий уйғунликни мустаҳкамлаш ҳамда турли ўйин боғланмаларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Йиғинга дарвозабонлар билан ишлаш бўйича португалиялик мутахассис Нуну Мигел ҳам жалб этилган. У Ўзбекистон миллий, ёшлар ва ўсмирлар терма жамоалари дарвозабонлари учун махсус машғулотлар ўтказмоқда. Ушбу жараён клуб жамоалари дарвозабонларида ҳам катта қизиқиш уйғотиб, тажриба алмашиш ва малака ошириш учун муҳим майдонга айланмоқда.
Дарвозабонлар учун ташкил этилаётган амалий машғулотлар ва ўқув-семинарлар миллий футзалимиз ривожи ҳамда замонавий дарвозабонлик мактабини шакллантириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг июн ойидаги йиғини 12-июнга қадар давом этади. Мазкур йиғин доирасида назорат учрашувлари ўтказилиши режалаштирилмаган.