Ўзбекистон миллий терма жамоаси Европа сафарига тайёрланмоқда
Ўзбекистон миллий терма жамоаси Европа сафарига тайёрланмоқда
Бугун — 2026-йилнинг 11-сентябрь санасидан футзал бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Тошкентда навбатдаги ўқув-машғулот йиғинига киришади.
Испаниялик мутахассис Хосе Мария Мендес бошчилигидаги терма жамоамиз аъзолари тўрт кун давомида пойтахтимиздаги ЎФА Терма жамоалар маркази спорт залида машғулотлар олиб боришади. Шундан сўнг вакилларимиз Европа сафарига жўнаб кетади.
ФИФА кунлари доирасидаги келишувга биноан, Ўзбекистон миллий терма жамоаси Европанинг икки кучли терма жамоасига қарши тўртта назорат учрашуви ўтказиши режалаштирилган.
Венгрия билан икки учрашув
15-сентябрь куни эрта тонгда Будапешт шаҳрига йўл оладиган терма жамоамиз 17-сентябрь куни маҳаллий вақт билан 18:00 да Венгрия терма жамоасига қарши илк халқаро ўртоқлик учрашувини ўтказади.
Иккинчи учрашув эса 19-сентябрь куни маҳаллий вақт билан 16:00 да бошланади.
Нидерландия билан икки учрашув
Венгрия сафаридан сўнг вакилларимиз 20-сентябрь куни Нидерландиянинг Амстердам шаҳрига йўл олади. “Лолалар мамлакати”да Хосе Мария Мендес шогирдларини Нидерландия Қироллиги терма жамоасига қарши иккита ўртоқлик учрашуви кутиб турибди.
Биринчи халқаро ўртоқлик учрашуви 21-сентябрь, иккинчи баҳс эса 22-сентябрь куни бўлиб ўтади.
Шундан сўнг миллий терма жамоамиз аъзолари Ўзбекистонга қайтиб келишади.