Ўзбекистон Кубоги. Андижондан голлар шоуcи
Ўзбекистон Кубоги “H” гуруҳида сўнгги – 3-тур ўйинлари ўтказилди. “Андижон” Қўқондаги “Марказий” стадионда биринчи лига вакили – “Хавоканд”га қарши майдонга тушди. Гуруҳда “Насаф” билан “Андижон” иккита турда 4 очко жамғаришгани ва якуний турда қайси жамоа гуруҳ пешқадами бўлишига ойдинлик киритилиши муқаррар эди.
Ўйин олдидан “Насаф” тўплар нисбатига кўра пешқадам бўлиб турганди. “Андижон” эса гуруҳда биринчи ўринда якунлаш учун рақиб дарвозасига иложи борича кўпроқ гол уриши ва ўта йирик ҳисобни қайд этиши талаб қилинарди. Буни яхши тушуниб турган Ислом Аҳмедов ва унинг жамоаси кутилганидек голлар шоуcини уюштириб бердилар.
Пўлатхўжа Холдорхонов хет-трик, Азиз Турғунбоев эса дубль қайд этди. Шунингдек, Усмонали Исмоналиев, Бекзод Сулаймонов ва Хамидулло Каримов ҳам ўз ҳисобларига биттадан гол ёздириб қўйдилар. 1:8 натижасини қайд этган “Андижон” учун бу гуруҳда пешқадам сифатида 1\8 финалга йўл олиши учун етарли бўлди ва энди “Бургутлар” ушбу босқични ўз уйида ўтказадилар.
“Андижон” “Хавоканд”га мастер-класс ўтказди. Шу билан бирга таркибда дебютини ўтказган футболчилар ҳам бўлди. Дарвозабон Неъмуллоҳ Рустамжонов илк бор асосий таркибда майдонга туширилди. Шунингдек, U21 таркибида 10 та гол билан тўпурар бўлиб турган Хамидулло Каримов ҳам илк бор асосий жамоа сафида дебютини ўтказди. Мураббийлар унга тўлиқ иккинчи бўлимни ўтказиш имконини бердилар ва у дебют ўйинида дебют голини ҳам уришга муваффақ бўлди. Қолаверса, Фазлиддинхўжа Убайдуллаев ҳам дебютини ўтказишга эришди.
Учрашувдаги натижа бундан ҳам катта ҳисоб бўлиши мумкин эди. Чунки ўйин давомида “Андижон”да яна кўплаб қулай имкониятлар бўлди. Лекин, муҳими, “Бургутлар” керакли натижага эришишди ва ўз мақсадига эришиб, 1-ўрин билан кейинги босқич масаласини ҳал қилдилар.
Андижондан келган ишқибозлар ажойиб тарзда қўллаб-қувватладилар ва кўтаринки кайфиятда қайтдилар.
“Хавоканд” – “Андижон” - 1:8 (1:5).
26-май. Қўқон. “Марказий” стадион. 320 томошабин.
Ҳакамлар: Умижон Раҳимжонов, Ислом Носиров, Азизбек Зокиров.
Захира ҳаками: Салоҳиддин Акрамов
Назоратчи: Файзулло Ҳасанов
Комиссар: Абдулвосит Валихонов
“Хавоканд”: Муҳаммадамин Валиев (Билол Абдуллаев, 46), Азиз Иброҳимов, Элбек Турғуналиев, Барҳаёт Саидаҳмаджонов (Муҳаммадқодир Абдумўминов, 77), Асрор Қурбонов, Илҳом Туробжонов, Сардор Раҳимов (Шаҳбоз Рустамов, 63), Абубакрсиддиқ Тоштемиров, Хафизжон Одилов, Ихтиёр Ахмаджонов (Мубашир Валиев, 63), Озод Ахмаджонов (Иқбол Омонив, 77).
“Андижон”: Неъмуллоҳ Рустамжонов, Одил Абдумаъжидов, Ислом Тўхтахўжаев, Абдураҳмон Комилов (Фазлиддинхўжа Убайдуллаев, 89), Усмонали Исмоналиев (Абдулвоҳид Ғуломов, 46), Бекзод Сулаймонов (Хамидулло Каримов, 46), Муҳаммадкарим Тоиров (Шоҳжахон Ёрқинбоев, 67), Дамир Темиров, Хумоюнмирзо Иминов, Азиз Турғунбоев (Маҳмуд Маҳаммаджонов, 67), Пўлатхўжа Холдорхонов.
Голлар: Усмонали Исмоналиев, 7 – 0:1. Бекзод Сулаймонов, 13 – 0:2. Азиз Турғунбоев, 20 – 0:3. Пўлатхўжа Холдорхонов, 23 – 0:4. Азиз Турғунбоев, 32 – 0:5. Ихтиёр Ахмаджонов, 45+2 – 1:5. Пўлатхўжа Холдорхонов, 72 – 1:6. Хамидулло Каримов, 74 – 1:7. Пўлатхўжа Холдорхонов, 90+3 – 1:8.
Огоҳлантиришлар: Илҳом Туробжонов, 28 – Одил Абдумаъжидов, 28. Фазлиддинхўжа Убайдуллаев, 90+2.