Ўзбекистон кубоги – 2026: BMB ва SQB финалда
Нуфузи жиҳатидан мамлакатимиз футзалида иккинчи ўринда турадиган Ўзбекистон кубоги мусобақасининг 2026-йилги мавсуми бош соврини учун баҳс олиб борувчи даъвогарлар аниқланди. Амалдаги Кубок соҳиби – BMB жамоаси мусобақа мезбонларига қарши ўйинда иккита ютуққа эришган бўлса. SQB Тошкент вилоятининг “Максам-Чирчиқ” жамоаси тўсиғидан муваффақиятли ўтди.
Қашқадарёлик мухлислар “Насаф”дан бу босқичда ҳам мўъжиза кутганди. Ярим финалнинг илк тўқнашуви ишқибозлар умидини бироз оқлагандек кўрингандди. Аммо жиддий рақобат ва эҳтиросларга бой ўйинда мезбонларнинг руҳий тайёргарлиги панд берди. Жамоа етакчиси Ихтиёр Ропиев биринчи учрашувда майдондан четлатилган бўлса, Одилжон Асомов иккинчи сариқ карточкасини "ишлади". Уларнинг йўқлиги жавоб учрашувида яққол билинди. BMB PFC ортиқча қийинчиликсиз, йирик ҳисобда зафар қучди.
SQB ҳамда “Максам-Чирчиқ” жамоалари ўртасидаги ҳар икки ярим финал учрашуви тенг курашлар остида кечди. Биринчи баҳсда банкичилар битта тўп фарқи билан ғалаба қозонган бўлса, иккинчи ўйинда ҳам интрига сўнгги сонияларгача сақланиб турди. Аммо керакли вазиятларда SQB футзалчилари тажрибаси ва маҳорати ўз сўзини айтди. Шу тариқа финалга иккинчи йўлланмани SQB жамоаси қўлга киритди.
Ўзбекистон кубоги – 2026 мусобақасининг ҳал қилувчи финал учрашуви пойтахтимиздаги “Юнусобод” спорт мажмуасида бўлиб ўтади. Финал учрашуви 2026-йилнинг 3-июн куни соат 18:00 да бошланади. Мажмуага мухлисларнинг кириши мутлақо бепул. Демак, барча футзал ишқибозларимизни биз шу куни “Юнусобод” спорт мажмуасида кутамиз.