Ўзбекистон футзал федерацияси биносида мамлакат кубоги-2026 мусобақасига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтади
Бугун Ўзбекистон футзал федерацияси биносида мамлакат кубоги-2026 мусобақасига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтади. Нуфузи жиҳатидан футзал бўйича мамлакат чемпионатидан кейин иккинчи ўринда турадиган мазкур мусобақанинг гуруҳ босқичи баҳсларида 19 та жамоа иштирок этади. Қуръа ташлаш жараёнида миллий терма жамоамиз бош мураббийи Хосе Мария Мендес иштирок этади. Жараённи ЎФФ Ютуб канали орқали жонли эфирда бевосита кузатиб боришингиз мумкин.
Ўзбекистон футзал федерацияси шаъфелиги остида иккинчи марта ўтказилаётган мамлакат кубоги-2026 мусобақасида қуйидаги жамоалар қатнашишади:
Олий лига жамоалари – “BMB PFC”, “Oil Star”, СҚБ, ОКМК, “Насаф”, “Локомотив”, “Динамо”, “Бунёдкор”, “Максам-Чирчиқ”, “Нефтчи”, “Қизилқум”.
Биринчи лига жамоалари – “Гулистон”, “Хоразм”, “Арал”, “Политехник”, “Бобур”, “ТерДУ”, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси, Жиззах футбол академияси жамоаси.
Жамоалар қуръа асосида тўртта гуруҳга тақсимланади.
Гуруҳ ўйинлари 29-апрел – 6-май саналарида Жиззах шаҳридаги вилоят футбол академияси спорт залида бўлиб ўтади. Гуруҳ мусобақаси бир даврали тизимда ташкил қилиниб, унда дастлабки икки ўринни эгаллаган жамоалар плей-офф босқичига йўлланмани қўлга киритади.
Чорак финалда жамоалар биттадан баҳс ўтказиб, ярим финалга йўл олган жамоалар номи аниқланади. ¼ финал баҳсларига 12-14-май кунлари Қарши шаҳридаги “Геолог” спорт мажмуаси мезбонлик қилади.
Ярим финал жуфтликлари эса иккита учрашувда куч синашиб, финалчилар номи аниқлашади. Бу босқич баҳслари 18-20-май саналарида Андижон шаҳридаги “Универсал” спорт мажмуасида ташкил қилинади.
Ўзбекистон кубогининг ҳал қилувчи ФИНАЛ учрашуви 2026-йилнинг 3-июн санасида Тошкент шаҳридаги “Юнусобод” спорт мажмуасида бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Шу ўринда Ўзбекистон кубогининг финал ўйинидан олдин мамлакат миллий чемпионатининг сўнгги – 12-тури ҳам пойтахтимиздаги “Юнусобод” спорт мажмуасида бўлиб ўтишини маълум қиламиз. Миллий чемпионатимизнинг охирги тури учрашувлари 23-28-май саналари оралиғида бўлиб ўтади.