Ўзбекистон - БАА: Ўйин олдидан шубҳали ҳаракатлар
5 июн куни БАА терма жамоаси жаҳон чемпионати саралаш босқичи доирасида Ўзбекистон термасига қарши майдонга тушади. Гуруҳда иккинчи ўринни эгаллаб турган ўзбекистонликлар учун бу ўйин катта аҳамиятга эга. БАА эса учинчи поғонада бўлиб, бу баҳсда ғалаба қозониш орқали вазиятни ўзгартира олишини билади.
Бироқ учрашув олдидан мезбонлар томонидан бир қатор шубҳали қарорлар қабул қилинмоқда. Аввало, ташкилотчилар ўйин ўтказиладиган стадионни ўзгартиришди — янги арена аввалгисидан анча кичик ва мухлислар учун камроқ жой таклиф этади. Энг қизиғи, ҳозиргача ўзбекистонлик ишқибозлар учун билетлар сотувга чиқарилмаган.
Ўйинга сана бор-йўғи бир неча кун қолган бўлса-да, меҳмон мухлислар ҳали ҳам чипта харид қилиш имкониятига эга эмас. Вақт танқислиги ва ташкилий қийинчиликлар туфайли уларнинг сафарини ташкил этиш анча мураккаблашган.
Кузатувчиларга кўра, БАА футбол расмийлари стадионни фақат маҳаллий мухлислар билан тўлдиришни мақсад қилган. Чунки ўзбек ишқибозлари халқаро ўйинлардаги фаол қўллаб-қувватлови билан танилган ва уларнинг кўп сонли иштироки мезбонларга босим ўтказиши мумкин эди.