Ўзбекистон - Аргентина ўйини Месси сабаб ўтказилмади - Каннаваро
Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро ва жамоа сардори Элдор Шомуродов Эронга қарши ўртоқлик ўйини олдидан ташкил этилган матбуот анжуманида иштирок этди.
«Жаҳон чемпионатидан кейин яхши шаклланган жамоага қарши ўртоқлик баҳсида ўйнаймиз. Шахсан ўзим ЎФА раҳбариятидан топ жамоалардан бирига қарши ўйнашимиз кераклигини сўрадим. Эронга ортиқча таъриф бериш шарт эмас. У Осиёдаги энг яхши жамоалардан бири, таркибида тажрибали ўйинчилар бор», — деди Каннаваро.
Аргентина билан ўйин нега ўтказилмади?
Италиялик мутахассис Ўзбекистоннинг Аргентина миллий жамоаси билан ўртоқлик ўйини ўтказиши бўйича музокаралар бўлганини тасдиқлади.
«Ҳақиқатан ҳам Аргентина миллий жамоаси билан музокара ўтказдик. Аммо ўйинга уч ҳафта қолганда Аргентина футбол федерацияси Мессининг хайрлашуви сабаб ушбу баҳсдан бош тортди. Тўғри, Сурия миллий жамоаси Аргентина каби кучли эмас. Биз Аргентина сингари топ жамоа изладик, аммо бунинг имконини топа олмадик», — деди мураббий.
«Миллий жамоа эшиклари ҳамма учун очиқ»
Каннаваро Жаҳон чемпионатида иштирок этган, аммо ҳозирги йиғиндан четда қолган футболчилар миллий жамоага қайтиши мумкинлигини айтди.
«Миллий жамоа эшиклари ҳамма учун очиқ. Жаҳон чемпионатидан кейин айрим ўйинчилар жароҳат олди. Баъзилари жамоа топа олмади, кимдадир пасайиш кузатилди. Лекин ҳамманинг имкониятларини яхши биламиз. Бу йиғинда бошқаларга имконият беришга қарор қилдик», — деди у.
16 ёшли Ҳакимовга имконият берилади
Каннаваро миллий жамоага чақирилган «Бунёдкор»нинг 16 ёшли футболчиси Муҳаммад Ҳакимов ҳақида ҳам фикр билдирди.
«Ҳакимовни Жаҳон чемпионатидан олдин кўрганман. Ёш бўлишига қарамай, қўрқмайди ва кучли характерга эга. Бизнинг миллий жамоада ёш ёки кекса деган тушунча йўқ. Бўлажак баҳсларда унга ҳам маълум вақт майдонга тушиш имкониятини берамиз. Ёш футболчида потенциал ва иқтидор бўлса, уни албатта йиғинларга жалб қиламиз. Катта ёшли футболчиларга ҳам имконият берамиз», — деди мураббий.
Каннаваро футболчиларни қандай танлайди?
Бош мураббий миллий жамоага футболчиларни жалб қилишда уларнинг клубдаги ўйини ва жамоага бера оладиган фойдасига эътибор қаратилишини билдирди.
«Мен эрталаб туриб, миллий жамоа учун ўзимдан-ўзим футболчиларни танламайман. Ҳар доим кучли ва жамоага ёрдам бера оладиган ўйинчиларни жалб қиламиз. Чемпионатда яхши ўйнаётганларни чақирамиз. Ким бу ерга келган бўлса, бунга ҳақли. Ким чақирилмаган бўлса, бунинг ўзига яраша сабаблари бор.
Бу йиғиндан асосий мақсад — келажакка эътибор қаратиш. Янги футболчиларни ҳам келажакни ўйлаб чақирдик. Аввалги мураббий асосан 20–22 нафар футболчини чақирарди ва бу эса сиз, журналистларга ёқмасди. Ҳозир эса кўплаб футболчиларни йиғинга чақирганимиздан ҳам камчилик топилмоқда», — деди Каннаваро.
«Нефтчи» футболчиси Икром Алибоевнинг миллий жамоага чақирилмагани ҳақида
«Икром Алибоев яхши футболчи. Унинг учун ҳам миллий жамоа эшиклари очиқ. Такрорлайман, ушбу йиғиндан асосий мақсад — келажакка кўпроқ эътибор бериш. Мен сизларни ҳурмат қиламан. Сизлардан ҳам қарорларимни ҳурмат қилишингизни сўрайман», — деди мураббий.
Осиё кубогида муваффақиятсиз иштирок этилса, истеъфога чиқиши мумкинлиги ҳақидаги саволга Каннаваро кулиб: «Биз эртага бўладиган баҳс ҳақида гаплашяпмиз», — деб қисқа жавоб қайтарди.