Зайниддин Тожиев: «Яккакурашларда ютқазиб, техник хатолик эвазига гол ўтказдик»
Пролиганинг 17-тури доирасидаги "Ғазалкент" - "ФарДУ" (0:1) учрашувидан кейинги матбуот анжуманида жамоамиз бош мураббийи Зайниддин Тожиев матбуот анжуманида қатнашди.
- Мана шундай курашларга бой ўйин бўлишини кутгандик. Яна ўша яккакурашларда ютқазиб, техник хатолик эвазига гол ўтказдик. Қизил карточка ҳам олдик. Гол бўлган вазиятда уч киши бўлиб, қутқарса бўларди. Қанотда рақиб икки кишини бемалол алдаб, тўпни узатиб бермоқда. Барибир бу ҳам концентрацияга боғлиқ. Айрим жабҳаларда йигитлар ёшлик қилиб қўйишмоқда, кўзи ёнмаяпти. Шундай бўлиши учун улар билан ишлаяпмиз, меҳнат қиляпмиз, гаплашяпмиз. Лекин барибир биринчи ўйинда зўр ўйнашади, кейингисида ташлаб юборишади. Изланяпмиз ва бунинг ҳам ечимини топамиз. "ФардУ" жамоасини ғалаба билан табриклайман.
- Бугун майдон четида кам кўрсатмалар бериб турдингиз. Бу одатий ҳолатмиди?
- Ҳа, шундай. Ўйинга бир ҳафта машғулотлар давомида тайёрланиб борамиз. Ўша машғулотдаги нарсаларни улар ўйинга олиб чиқиб беришлари керак. Ўшанда биз барча нарсаларни кўрсатамиз. Майдон четида туриб олиб, бақиргандан бефойда. Мен шундай деб ҳисоблайман. Ўйинга тайёрланиш жараёнида йигитларни қўлидан етаклаб ҳам юрамиз. Буни тушунадигани бор, тушунмайдигани ҳам. Техник хатоларни тахлил қилиб чиқамиз. Майдон четида туриб бақирсангиз, футболчи Сизнинг 50 фоиз гапларингизни эшитмайди, чунки у ўйинга кириб кетган бўлади. Шу сабабли таймлар ўртасида танаффус бор ва ўша ерда барчаси гапирилади. Шуниси тўғри деб ўйлайман.
- "Ғазалкент" иккинчи бўлимда темпни оширарди, жисмоний жиҳатдан барча рақибларидан устунлик қиларди. Ўзингиз айтганингиздек, бугун иккинчи бўлимда жамоанинг кўзи ёнмади. Захирадан тушганларнинг бирортаси ўйинни кучайтирмади. Захирадан тушган икки футболчининг бири тезда сариқ карточка олди, иккинчиси қайта алмаштирилди. Бунга нима сабаб бўлди?
- Захирадан тушиб, ўйинга қўшилиб кетиш билан боғлиқ. Садиржонов асосий таркибда ўйнаса, сустроқ бўлиб қолади. Иккинчи бўлимда тушса, ўйинни кучайтиради. Биз 5-10 дақиқа кўпайтириб, унга имконият бердик. Бугун уларнинг иккаласи ҳам ўйинга мослаша олишмади. Бир томондан қизил олганимиз ҳам бунга сабаб бўлди. Бир киши кам бўлиб қолганидан кейин концентрация тушади. Барча курашишига тўғри келади. Бир киши ҳужумга ўтса, ҳимояда камчилик бўлиб қоляпмиз. Шу сабабли бу ҳам ўз асоратини беради. Йигитлар ёшлик қилишди ва ўйинга мос бўла олишмади. Бу ҳаммада бўладиган ҳолат. Садиржоновда бундай бўлишини кутмагандик. У орқали ўнг қанот ҳужумини кучайтирмоқчи эдик. Бу ўзи учун ҳам, биз учун ҳам тажриба.