Забит Магомедшарипов RAF’даги илк баҳсини Гига Чикадзега қарши ўтказади
Собиқ UFC жангчиси Забит Магомедшарипов Real American Freestyle (RAF) лигасидаги дебют баҳсини грузиялик Гига Чикадзега қарши ўтказади. Уларнинг тўқнашуви 14 ноябрь куни Абу-Дабидаги “Etihad Arena”да ташкил этиладиган RAF турнири доирасида бўлиб ўтади. Бу ҳақда RAF ташкилоти расман маълум қилди.
Манбага кўра, Магомедшарипов яқинда RAF билан кўп жанглик шартнома имзолаган ва Чикадзега қарши баҳс унинг янги ташкилотдаги илк чиқиши бўлади. 35 ёшли россиялик спортчи UFC’даги фаолиятини мағлубиятсиз якунлаган — у ташкилотда ўтказган олтита жангининг барчасида ғалаба қозонган.
Магомедшарипов 2019 йил ноябридан буён ММАда жанг қилмаган. Ўша пайтда у UFC Москва турнирининг асосий жангида Келвин Кэттарни ҳакамлар қарори билан мағлуб этган эди. Жорий йил август ойида эса узоқ танаффусдан сўнг мусобақаларга қайтиб, ACBJJ 22 турнирида Юсеф Залални жю-житсу қоидалари бўйича ҳакамларнинг якдил қарори билан енгди.
Маълумот учун, Забит Магомедшарипов UFC’да 6 та жанг ўтказиб, барчасида ғалаба қозонган. Унинг бўлажак рақиби Гига Чикадзе эса UFC’да 13 марта октагонга кўтарилган ва ташкилотдаги дастлабки етти жангида кетма-кет ғалаба қайд этган.