«Ювентус» Локателли билан шартномани узайтиришни режалаштирмоқда
«Ювентус» клуби жамоа яримҳимоячиси ва сардори Мануэл Локателлига янги шартнома таклиф қилиши мумкин. Бу ҳақда Tuttosport нашри хабар бермоқда.
Манба берган маълумотларга кўра, футболчининг ўзи ҳам фаолиятини Турин клубида давом эттириш истагида. Локателлининг амалдаги меҳнат шартномаси 2028 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган бўлиб, томонлар келишувни 2030 йилнинг ёзига қадар узайтириш масаласини кўриб чиқмоқда. Янги шартнома имзоланган тақдирда, хавбекнинг маоши мавсумига 4 миллион еврога тенг бўлади.
Маълумот ўрнида, Мануэл Локателли «Аталанта» ва «Милан» клублари тарбияланувчиси ҳисобланади. Шунингдек, унинг фаолиятида «Сассуоло» жамоаси ҳам бор. Жорий мавсумда яримҳимоячи барча турнирларда 36 та учрашувда майдонга тушиб, 3 та гол ва 1 та самарали узатмани ўз ҳисобига ёздириб қўйди.