«Ювентус» Ковачични текинга олишни режалаштирмоқда
Туриннинг «Ювентус» клуби «Манчестер Сити» ярим ҳимоячиси Матео Ковачични таркибига қўшиб олиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Хорватиялик футболчининг «шаҳарликлар» билан шартномаси келаси ёзда якунига етади. Бу ҳақда La Gazzetta dello Sport хабар берди.
Манба маълумотига кўра, 32 ёшли футболчининг «Манчестер Сити» билан амалдаги шартномасини узайтириши эҳтимоли паст. Шу боис Ковачич келаси ёзда эркин агентга айланиши мумкин.
«Ювентус» раҳбарияти хорватиялик футболчида катта тажриба, юқори техник маҳорат ва ғалаба қозонишга бўлган одат уйғунлашганини инобатга олмоқда. Шу жиҳатдан Ковачич туринликлар учун қизиқ вариант сифатида қаралмоқда.
Шу билан бирга, ҳозирча «Ювентус» ва Ковачич ўртасида ҳеч қандай музокаралар бошлангани йўқ.
Ковачич жорий мавсумда барча турнирлар доирасида «Манчестер Сити»нинг 5 та учрашувида майдонга тушди. Transfermarkt маълумотига кўра, хорватиялик ярим ҳимоячининг айни пайтдаги бозор қиймати 10 миллион еврони ташкил қилади.