«Ювентус» Эмилиано Мартинес билан музокараларни бошлади
Италиянинг «Ювентус» клуби Англиянинг «Астон Вилла» жамоаси ҳамда Аргентина терма жамоаси дарвозабони Эмилиано Мартинес билан музокараларга киришди. Бу ҳақда инсайдер Николо Скира хабар бермоқда.
«Ювентус» Эмилиано Мартинесга йилига 5,5 миллион евро маош ва шартнома имзолагани учун алоҳида бонус кўзда тутилган 2029 йилгача мўлжалланган битим таклиф қилди. «Дибу» «Астон Вилла»ни тарк этишни хоҳламоқда, Бирмингем клуби эса туринликлардан дарвозабон борасида илк расмий таклифни кутмоқда. «Бьянконери» уни унчалик катта бўлмаган маблағ эвазига қўлга киритишни режалаштирган», — деб ёзади Скира.
33 ёшли Эмилиано Мартинес 2020 йилдан буён «Астон Вилла» шарафини ҳимоя қилиб келади. У якунланган 2025/2026 йилги мавсумда жамоаси билан Европа Лигаси ғолибига айланди. Эслатиб ўтамиз, Мартинес Аргентина терма жамоаси сафида 2022 йилги Жаҳон чемпионлигини қўлга киритган.