Юрген Клопп Муҳаммад Салоҳнинг кетиши ҳақида: «Сиз дунёдаги энг ақлбовар қилмас фаолиятлардан бирига гувоҳ бўлдингиз»
«Ливерпуль» клуби собиқ бош мураббийи Юрген Клопп ҳужумчи Муҳаммад Салоҳнинг жорий мавсум якунида жамоани тарк этиш борасидаги қарорига муносабат билдирди.
«У узоқ вақт давомида жаҳон футболидаги энг яхши ҳужумчилар учлигининг бир қисми бўлиб келди — энг кўп гол урган трио аъзоларидан бири эди. Бунинг ўзиёқ кўп нарсани англатади.
Мен Салоҳнинг «Ливерпуль»даги сўнгги ўйинида барчанинг юзида табассум бўлишини ва ҳамма хурсанд бўлишини жуда ҳам хоҳлайман. Чунки мухлислар футбол тарихидаги энг ақлбовар қилмас фаолиятлардан бирини ўз кўзлари билан кўришга муваффақ бўлишди», — дея Клоппнинг сўзларини келтирмоқда The Anfield Wrap.
Маълумот ўрнида, Муҳаммад Салоҳ 2017 йилда, айнан Юрген Клопп мураббийлик қилаётган даврда «Ливерпуль» футболчисига айланган эди. Салоҳ ва «Ливерпуль» сешанба куни, 24 мартда ўзаро ҳамкорликни мавсум якунида тўхтатишларини расман эълон қилишди.