Юбилей чемпионат: шиддатли старт, кучайган рақобат!
Юбилей чемпионат: шиддатли старт, кучайган рақобат!
Футзал бўйича мамлакат ХХХ миллий чемпионати — Олий лига баҳслари ўзига хос шукуҳ ва кўтаринки кайфият билан бошланди.
Мавсум олдидан Олий лиганинг барча иштирокчилари фаолиятини янги молиявий бошқарув тизимига ўтказиб, масъулияти чекланган жамият сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди. Аксарият жамоаларни футзалга меҳр ва муҳаббати баланд ташкилотлар ўз ҳомийлигига олди.
Клублар таркибидаги легионерлар географияси кенгайди. Барча жамоаларда иқтидорли ёш футзалчилар қўшиб олинди. Бир сўз билан айтганда, мавсум бошланмасидан аввалёқ унинг қизиқарли ва муросасиз курашлар остида ўтиши кутилаётган эди.
Жиззах шаҳридаги Вилоят футбол академияси спорт залида ўтказилган 1-тур баҳслари эса бу кутилмаларни тўлиқ оқлади.
Майдонда нафақат гранд жамоалар, балки Лига дебютантлари ва янги ташкил этилган клублар ҳам муносиб кураш олиб боришди. Учрашувларда жамоалар ўртасидаги фарқ минимал даражага тушгани, футзалчиларнинг ғалабага бўлган иштиёқи ва майдондаги шижоати мухлислар ҳамда мутахассисларга манзур бўлди.
18 учрашув, учта дуранг, 114 та гол — кўплаб ёрқин таассуротлар!
Олти кун давомида мухлислар бири-биридан қизиқарли ва муросасиз 18 та учрашув гувоҳи бўлишди.
Баҳсларда сермаҳсуллик ошди, янги номлар кашф этилди, тўпурарлар пойгасидаги рақобат янада кучайди.
Айниқса, Эрон Ислом Республикасидан таклиф этилган легионерлар ўзларининг сифатли ўйинлари билан эътиборни тортишди. Қирғизистон, Қозоғистон ва Россиядан келган футзалчилар ҳам муносиб ўйин намойиш этиб, мухлислар олқишига сазовор бўлишди.
1-турдан кейинги ҳолат
Амалдаги чемпион — БМБ ПФC биринчи турда юз фоизлик натижа қайд этган ягона жамоа бўлди. Қаторасига тўрт йилдан буён чемпионликни қўлдан бой бермай келаётган БМБ учта учрашувнинг барчасида ғалаба қозониб, 9 очко жамғарди.
«Нурафшон» эса икки ғалаба ва бир дуранг билан 7 очко тўплаб, иккинчи поғонадан жой олди.
Тошкент вилоятининг «Олмалиқ» жамоаси ҳам турни мағлубиятсиз якунлади. Бироқ Константин Свиридов шогирдлари иккита баҳсда дуранг қайд этиб, фақат бир учрашувда ғалаба қозонишди.
Тўртта жамоа — 6 очкодан
Лига дебютантлари — «Хоразм» ва «Сайхун», мамлакат вице-чемпиони СҚБ ҳамда «Максам-Чирчиқ» жамоалари иккитадан учрашувда ғалаба қозониб, биттадан баҳсда имкониятни бой беришди.
«Насаф» эса учта учрашувда ҳам рақибларига жиддий қаршилик кўрсатганига қарамай, бир ғалаба ва икки мағлубият билан 3 очко жамғарди.
«Нефтчи», «Лочин» ва «Самарқанд» жамоалари биттадан дуранг қайд этишди.
«Зарафшон» эса учта учрашувнинг барчасида мағлуб бўлди. Шунга қарамай, Абдулла Бўриев шогирдларининг ўйини мухлисларда илиқ таассурот қолдирди. Янги жамоанинг ўз ўйинини шакллантириб олиши учун бироз вақт керак.
Кейинги манзил — Қарши!
Олий лиганинг навбатдаги тур баҳслари 28-сентябрдан 3-октабргача Қарши шаҳридаги «Геолог» спорт мажмуасида бўлиб ўтади.
Жамоалар бу вақт давомида тайёргарликни кучайтириб, рақиблар ўйинини янада чуқур ўрганиш имконига эга бўлишади.
Ишонч билан айтиш мумкинки, Қашқадарё тури ҳам футзал мухлисларига кўплаб унутилмас лаҳзаларни тақдим этади.
Юбилей чемпионат эндигина бошланди. Олдинда эса янада шиддатли, муросасиз ва сермаҳсул баҳслар кутмоқда!