Ёзуа Киммих: «Асосий мақсадимиз — Германияни биз билан яна фахрланишга мажбур қилиш»
Германия терма жамоаси яримҳимоячиси ва сардори Ёзуа Киммих миллий жамоанинг Жаҳон чемпионатидаги илк ўйини олдидан йирик турнир муҳити ҳақида фикр билдирди ва жамоанинг мусобақадаги бош мақсадини маълум қилди.
«Биз Германияни яна биз билан фахрланишга мажбур қилмоқчимиз. Бу бизнинг бош мақсадимиздир. Бу ерда бутун бошли мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилаётганимизни яхши англаймиз. Германия терма жамоаси сафида йирик турнирда қатнашиш умуман бошқача туйғу эканини ҳис қиласиз. Бизда Германияга ҳаяжон ва қувонч бағишлаш учун улкан имконият бор. Сардор сифатида менинг ролим биоз ўзгароқ тус олди.
Жамоамизда жуда кўп ижобий энергияни ҳис қиляпман. Агар боримизни бериб, бор қалбимиз, қатъиятимиз ва иштиёқимиз билан ўйнасак, эҳтимол, бу энергияни бутун мамлакатга юқтира оламиз ва худди 2006 йилги Жаҳон чемпионати каби катта туртки бера оламиз. Мен у турнирни болалигимда ўз кўзларим билан кўрганман. Майдонда биз учун қийин бўладиган вазиятлар ҳам учрайди. Бутун мамлакат ортимизда турганини ҳис қилиш эса бизга жуда катта ёрдам бериши мумкин», — дея Киммихнинг сўзларини келтирмоқда Bild нашри.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йилги Жаҳон чемпионатининг «E» гуруҳида Германия терма жамоаси Кюрасао, Кот‑д’Ивуар ва Эквадор билан бирга баҳс олиб боради. ЖЧ-2026 мусобақаси 11 июндан 19 июлгача АҚШ, Канада ва Мексика майдонларида бўлиб ўтмоқда.