YeChL. «Barselona» ўз майдонида «Ньюкасл»ни тор-мор этиб, чорак финалга йўлланма олди
УЕФА Чемпионлар Лигасининг 1/8 финал босқичи доирасида Испаниянинг «Барселона» ва Англиянинг «Ньюкасл» жамоалари ўртасидаги жавоб учрашуви якунланди. «Камп Ноу» стадионида кечган баҳс каталонияликларнинг 7:2 ҳисобидаги йирик ғалабаси билан тугади.
Ўйиннинг биринчи бўлими анча шиддатли кечди. Ҳисобни 6-дақиқада мезбонлар ҳужумчиси Рафинья очган бўлса, 15-дақиқада меҳмонлар вакили Энтони Эланга мувозанатни тиклади. Орадан уч дақиқа ўтиб Марк Бернал «Барселона»ни яна олдинга олиб чиқди, бироқ 28-дақиқада Эланга дубль қайд этиб, ҳисобни тенглаштирди. Биринчи бўлимга қўшиб берилган вақтда Ламин Ямал пенальтини аниқ амалга ошириб, ҳисобни 3:2 кўринишига келтирди.
Иккинчи бўлимда эса майдонда тўлиқ «Барселона» устунлиги кузатилди:
- 52-дақиқада Фермин Лопес тўртинчи голни урди.
- 56 ва 61-дақиқаларда Роберт Левандовски дубль қайд этиб, ҳисобни йирик кўринишга келтирди.
- 72-дақиқада Рафинья ўзининг иккинчи голини уриб, якунги нуқтани қўйди.
Учрашувнинг 82-дақиқасида «Барселона» дарвозабони Жоан Гарсия жароҳат олиб, майдонни тарк этишга мажбур бўлди ва унинг ўрнига Войцех Шченсни ўйинга қўшилди.
Эслатиб ўтамиз, жамоалар ўртасидаги биринчи баҳсда 1:1 ҳисоби қайд этилган эди. Шу тариқа, Ханс-Дитер Флик шогирдлари умумий 8:3 ҳисобида ғалаба қозониб, Чемпионлар Лигасининг чорак финалига йўл олдилар. Каталонияликлар умумий босқич якунида 16 очко билан 5-ўринни эгаллаб, ушбу босқичга тўғридан-тўғри йўлланма олган эдилар.