Яна икки жамоа муддатидан аввал Чемпионлар Лигасини тарк этди
21 январдан 22 январга ўтар кечаси Чемпионлар Лигаси умумий босқичининг 7-туридаги сўнгги учрашувлар якунланди. Ушбу баҳслардан сўнг яна икки жамоа мусобақани муддатидан аввал тарк этиши аниқ бўлди.
Хусусан, Прагининг «Славия» клуби «Барселона»га 2:4 ҳисобида мағлуб бўлиб, етти ўйиндан сўнг атиги уч очко жамғарди ва плей-оффга чиқиш имкониятларини математик жиҳатдан йўқотди. Айни пайтда 1/16 финалга йўлланма берувчи сўнгги — 24-ўринда Грециянинг «Олимпиакос» клуби жойлашган бўлиб, унинг ҳисобида саккиз очко бор. Умумий босқич якунига эса атиги бир тур қолган.
Шунингдек, аввалроқ «Қорабоғ»га 2:3 ҳисобида ютқазган Франкфуртнинг «Айнтрахт» клуби ҳам плей-офф йўлланмасидан умид узди — немис жамоаси етти турдан кейин тўрт очко билан қолмоқда.
Бундан олдин, 20 январдан 21 январга ўтар кечаси Испаниянинг «Вильярреал» ва Қозоғистоннинг «Қайрат» клублари ҳам Чемпионлар лигасининг плей-офф босқичига чиқиш имкониятидан маҳрум бўлгани маълум бўлган эди. Қолган барча жамоаларда эса ҳали ҳам топ-24 таликка кириш учун назарий имкониятлар сақланиб қолмоқда.