Ямал Мбаппенинг Чемпионлар Лигасидаги рекордини янгилади
Испаниялик футболчининг «Барселона» билан тузган амалдаги шартномаси 2031 йилда якунга етади.
ФОТО: Getty Images
«Барселона»нинг 18 ёшли ҳужумчиси Ламин Ямал «Монако» ва «ПСЖ» собиқ форварди Килиан Мбаппенинг 19 ёшга тўлгунига қадар Чемпионлар Лигасида урилган голлар сони бўйича рекордини янгилади.
Ямалнинг чорак финал доирасида Мадриднинг «Атлетико» клубига қарши жавоб учрашувида киритган тўпи у учун мусобақадаги 11-гол бўлди.
«Кўк-анорранглилар» вингери учрашувнинг 4-дақиқасида ҳисобни очишга муваффақ бўлди. Умуман олганда, Ламин Ямал Чемпионлар Лигасининг жорий мавсумидаги 10 та ўйинда 6 та гол ва 4 та самарали узатмани ўз ҳисобига ёздириб қўйди.
Футболчининг клуб билан амалдаги шартномаси 2031 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган. Transfermarkt портали маълумотларига кўра, ўйинчининг бозор қиймати 200 миллион еврони ташкил этади.
Насрулло Каримов
Журналист