Ямал йилнинг энг яхши ёш спортчиси деб топилди
«Барселона» ва Испания миллий жамоаси қанот ҳужумчиси Ламин Ямал Laureus World Sports Awards талқинига кўра дунёнинг энг яхши ёш спортчиси деб топилди. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати хабар бермоқда.
«Ушбу мукофотни қўлга киритганимдан жуда хурсандман. Бу мен учун катта шараф. Академияга, оиламга, уйда укам билан ўтирган онамга, отамга, бувимга, ҳамкасбларимга ва доимо ёнимда бўлган жамоага миннатдорчилик билдираман...
Шунингдек, Карлос Алкарасни ҳам табриклайман (испаниялик теннисчи Laureus талқинига кўра йилнинг энг яхши спортчиси деб топилган). Мен жуда бахтлиман ва умид қиламанки, бу ютуқ менга янада олға интилишда ёрдам беради. Олдинда ҳали узоқ йўл кутяпти. Кунингиз хайрли ўтсин ва барчага катта раҳмат», — деди Ямал тақдирлаш маросимида.
Ўтган йили Laureus испаниялик вингерни «Йил кашфияти» номинацияси ғолиби сифатида эътироф этган эди.
Жорий мавсумда Ямал «Барселона» сафида барча турнирлар доирасида 44 та учрашувда майдонга тушиб, 23 та гол ва 16 та голли узатмани ўз ҳисобига ёздириб қўйди.