WBA рейтинги янгиланди: Ҳасанбой Дўсматов қани?
Бутунжаҳон бокс ассоциацияси (WBA) профессионал боксчиларнинг янгиланган рейтингини эълон қилди. Янги рейтингда ўзбекистонлик икки карра Олимпиада чемпиони Ҳасанбой Дўсматов 50,8 кг вазн тоифасидаги кучли 15 таликдан жой олмади. Бу ҳақда WBA расмий сайти хабар бермоқда.
Манбага кўра, Дўсматов август ойи рейтингида ушбу вазн тоифасида 6-ўринни эгаллаб турган эди. Бироқ 30 сентябрь ҳолатига эълон қилинган янги рейтингда унинг номи рўйхатдан чиқарилган. WBA ҳозирча бу қарорнинг сабабини расман изоҳламаган.
Айни пайтда 50,8 кг вазнда WBA чемпиони Рикардо Сандоваль бўлиб турибди. Рейтингнинг биринчи ўрнини Кёсукэ Таками, иккинчи ўрнини Жонатан Гонсалес, учинчи поғонасини эса Самуэл Кармона эгаллаган.
Маълумот учун, Ҳасанбой Дўсматов сентябрь ойида Premier Boxing Academy билан шартнома имзолаган. Унинг навбатдаги профессионал жанги октябрь ёки ноябрь ойида IBA.Pro турнири доирасида ўтказилиши кутилмоқда. Профессионал рингда Дўсматов ҳозирга қадар 7 та жанг ўтказиб, барчасида ғалаба қозонган ва 5 та рақибини нокаутга учратган.