Вушкович «Брайтон»га ўтмоқда — трансфер қиймати 50 миллион фунтдан ошади
Хорватия терма жамоаси ва Лондоннинг «Тоттенхэм» клуби ҳимоячиси Лука Вушкович фаолиятини «Брайтон»да давом эттиради. Бу ҳақда инсайдер Фабрицио Романо хабар берди.
Манбага кўра, трансфернинг кафолатланган қиймати 46 миллион фунт стерлинг (53,8 миллион евро)ни ташкил этади. Шунингдек, футболчи билан шахсий шартнома шартлари ҳам тўлиқ келишиб олинган.
Томонлар ўртасидаги келишувга «Тоттенхэм»нинг Вушковичнинг кейинги трансферидан маълум фоиз олиши ҳақидаги банд ҳам киритилган. Турли бонуслар қўшилганда эса трансфернинг умумий қиймати 50 миллион фунт стерлингдан (58,5 миллион евро) ошиб кетади.
2025/2026 йилги мавсумда Лука Вушкович барча мусобақалар доирасида 30 та учрашув ўтказиб, ҳимоячи бўлишига қарамай 6 та гол муаллифи бўлди.
Transfermarkt портали маълумотларига кўра, 19 ёшли футболчининг айни пайтдаги бозор қиймати 60 миллион еврога баҳоланмоқда.