locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Винисиус Жуниор атрофида ғалати фитна назарияси тарқалди

Айрим фойдаланувчилар футболчининг 2026-йилги Жаҳон чемпионатидан кейин ғойиб бўлгани ҳақидаги асоссиз тахминларни илгари сурмоқда.
Футбол
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
Фото: Getty Images

“Реал Мадрид” ва Бразилия терма жамоаси ҳужумчиси Винисиус Жуниор ижтимоий тармоқларда тарқалган ноодатий фитна назариясининг марказида қолди. Айрим фойдаланувчилар футболчининг 2026-йилги Жаҳон чемпионатидан кейин ғойиб бўлгани ва унинг ўрнига ташқи кўриниши ўхшаш бошқа шахс майдонга тушаётгани ҳақида асоссиз тахминларни илгари сурмоқда. Ушбу даъволарни тасдиқловчи ҳеч қандай ишончли далил мавжуд эмас. Бу ҳақда CNN Brasil нашри хабар бермоқда.

Манбага кўра, назария Винисиуснинг Жаҳон чемпионатидан кейинги ташқи кўринишидаги ўзгаришлардан сўнг оммалаша бошлаган. Футболчи ёзги таътил вақтида юзига косметик муолажа қилдирган ва айниқса ияк ҳамда жағ чизиғидаги ўзгаришлар ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган. Кейинчалик айрим фойдаланувчилар унинг эски ва янги суратларини, шунингдек, оёқларидаги татуировкаларни солиштириб, “футболчи алмаштирилган” деган назарияни илгари сурган.

Бироқ тарқалган “далиллар” текширилганда, уларнинг бир қисми паст сифатли тасвирлар, ёруғлик ва ракурсдаги фарқлар билан изоҳланиши маълум бўлган. Масалан, айрим кадрларда кўринмай қолган татуировкалар юқори сифатли бошқа суратларда аниқ кўринади. Шунингдек, интернетда тарқалган айрим “олдин ва кейин” тасвирлари таҳрирланган. Шу сабаб Винисиуснинг бошқа шахс билан алмаштирилгани ҳақидаги даъволар фактларга эмас, ижтимоий тармоқлардаги тахминларга асосланган.

Маълумот учун, Винисиус Жуниор 2026-йилги Жаҳон чемпионатида Бразилия терма жамоаси сафида 5 та учрашувда майдонга тушиб, 4 та гол ва 1 та голли узатма қайд этган. Жаҳон чемпионатидан кейин эса “Реал Мадрид” сафидаги дастлабки 8 расмий учрашувда 1 та гол уриб, 3 та ассист амалга оширган. Бразилия терма жамоасининг кузги учрашувларида эса 3 марта асосий таркибда майдонга тушиб, 1 та гол урган.

Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг