Винисиус ва Престианни билан бўлган воқеадан сўнг FIFA футболда янги қоида жорий қилмоқчи
Халқаро футбол федерацияси (FIFA) рақибини ҳақоратлаётган пайтда оғзини ёпиб оладиган футболчиларга нисбатан жазо чораларини кўзда тутувчи янги қоидани муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда Испаниянинг нуфузли Marca нашри хабар берди.
Ушбу ташаббусга Чемпионлар Лигасининг плей-офф босқичидан ўрин олган «Бенфика» ва «Реал» (0:1) учрашувидаги можаро сабаб бўлди. Ўйин давомида Лиссабон клуби вингери Жанлука Престианни мадридликлар ҳужумчиси Винисиус Жуниор билан тўқнашиб кетган ва маълум бир пайтда оғзини футболкаси билан ёпган ҳолда бразилиялик футболчига қарата гапирган эди.
Учрашув якунига етгач, Престианни Винисиусга нисбатан ирқчи сўзлар ишлатган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди. FIFA тегишли қўмитаси ўйинчиларнинг ўз сўзларини яшириш мақсадида оғзини ёпиш ҳолатларини қатъий жазолашни таклиф қилмоқда, чунки бундай ҳаракатлар ҳақоратли сўзларни лаб ўқиш орқали исботлашга тўсқинлик қилади.