Винисиус Хорватияга қарши баҳсни ўтказиб юбориши мумкин
Мадриднинг «Реал» клуби ва Бразилия терма жамоаси вингери Винисиус Жуниор миллий жамоанинг машғулотларида иштирок этмади ва Хорватияга қарши ўртоқлик учрашувини ўтказиб юбориши мумкин. Бу ҳақда Globo нашри хабар бермоқда.
Винисиус Франция билан ўйиндан (1:2) сўнг жисмоний зўриқиш туфайли сонида оғриқ сезган. Жума куни футболчи тиббий кўрикдан ўтди ва хайриятки, текширувлар жиддий шикастланишни аниқламади. Шунга қарамай, бразилиялик юлдузнинг бўлажак ўйиндаги иштирок этиши савол остида турибди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бразилия терма жамоасининг яна бир аъзоси, «Барселона» ҳужумчиси Рафинья жароҳат олгани ва унинг тикланиши учун беш ҳафта вақт керак бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.
Бразилия ва Хорватия ўртасидаги учрашув 1 апрель куни Орландода бўлиб ўтади. Ўйин Тошкент вақти билан тонгги соат 05:00 да бошланиши режалаштирилган.