Винисиус атрофида ғалати фитна назарияси тарқалди: уни «дублёр» алмаштиргани даъво қилинмоқда
Ижтимоий тармоқларда «Реал Мадрид» ва Бразилия терма жамоаси ҳужумчиси Винисиус Жуниор билан боғлиқ ноодатий фитна назарияси кенг тарқалди. Айрим фойдаланувчилар футболчи 2026 йилги жаҳон чемпионатидан кейин ғойиб бўлган ва унинг ўрнини ташқи кўриниши ўхшаш бошқа киши эгаллаган, деган асоссиз даъволарни илгари сурмоқда. Бу ҳақда Marca нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, назария тарафдорлари Бразилия терма жамоасининг Австралияга қарши учрашуви олдидан кўринган Винисиус асл футболчи эмаслигини таъкидламоқда. Улар ўз фикрларига «далил» сифатида унинг ташқи кўринишидаги ўзгаришлар, соқол қўйиши ҳамда айрим суратларда сон қисмидаги татуювкалар кўринмаётганини келтирмоқда. Шунингдек, «дублёр» реклама шартномаларини давом эттириш учун жалб қилинган, деган даъволар ҳам тарқалган.
Бироқ ушбу гапларни тасдиқловчи ишончли далиллар мавжуд эмас. Винисиус сўнгги кунларда Бразилия терма жамоаси билан машғулотларда қатнашди ва Австралияга қарши ўртоқлик учрашувида ҳам майдонга тушди. «Реал Мадрид» ҳамда футболчининг яқинлари интернетдаги мазкур фитна назарияларига расмий муносабат билдирмаган.
Маълумот учун, Винисиуснинг ташқи кўринишидаги ўзгаришлар ёзги танаффус даврида юзига қилинган тиббий-косметик амалиёт билан изоҳланган. Шунга қарамай, бу ҳолат ижтимоий тармоқларда турли тахминлар пайдо бўлишига сабаб бўлган. Ҳозирча футболчи «алмаштирилгани» ёки «ғойиб бўлгани» ҳақидаги даъволарнинг ҳеч бири тасдиқланмаган.