Виктор Осимҳен муваффақиятли операция қилинди
«Галатасарой» ҳужумчиси Виктор Осимҳен УЕФА Чемпионлар Лигаси 1/8 финал доирасида «Ливерпул»га қарши кечган сафар ўйинида жароҳат олиб, майдонни тарк этишга мажбур бўлган эди. Бугун, 23 март куни футболчи муваффақиятли операция қилинди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар бермоқда.
Осимҳен мерсисайдликлар ҳимоячиси Ибраима Конате билан тўқнашувда жароҳат олган ва бир неча ойга сафдан чиққан.
Эслатиб ўтамиз, плей-офф босқичининг Истанбулдаги дастлабки учрашуви «Галатасарой»нинг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган эди. Ливерпулдаги жавоб баҳсида эса инглиз клуби 4:0 ҳисобида устун келди.
Аввалроқ, учрашувдан сўнг турк клуби мухлислари томонидан ижтимоий тармоқларда Ибраима Конатега нисбатан ирқчилик мазмунидаги ҳужумлар бўлаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.