Виктор Мунос Португалияга қарши ўйин олдидан ўз жисмоний ҳолати ҳақида гапирди
Испания миллий терма жамоаси ҳужумчиси Виктор Мунос ЖЧ-2026 нимчорак финали доирасидаги Португалияга қарши баҳсга қай даражада тайёр эканлиги ҳақида тўхталиб ўтди. Ҳозирги вақтгача футболчи мусобақа доирасида бирор марта майдонга тушгани йўқ, у мавсум якунида олган жароҳатидан сўнг тикланиш жараёнини ўтказаётган эди. Мазкур учрашув бугун, 6-июл куни бўлиб ўтади.
«Ўзимни анча яхши ҳис қиляпман, секин-аста жамоа билан бирга машғулотлар ритмига кириб бораяпман. Спорт формамни тикламоқдаман, гарчи бу осон бўлмаётган бўлса-да, чунки мен узоқ вақт майдондан ташқарида қолиб кетдим. Агар жамоага ёрдамим керак бўлса, мен тайёрман.
Ёшлик пайтларингда майдонга тушиш ва фақат олдинга интилиш истаги сени кўпроқ бошқаради. Ўтган вақт давомида мен ўз танамга қулоқ солишни ва унга нима кераклигини тушунишни ўргандим. Ушбу учрашувни интизорлик билан кутяпман. Бу қийин, аммо жуда қизиқарли ўйин бўлади, унда биз тенгма-тенг курашишга ҳаракат қиламиз ва агар буни уддалай олсак, ғалабага яқин келамиз», — дея Муноснинг сўзларини келтирмоқда Mundo Deportivo нашри.
Эслатиб ўтамиз, ЖЧ-2026 баҳслари 11-июндан 19-июлга қадар Мексика, АҚШ ва Канада майдонларида бўлиб ўтмоқда. Мусобақанинг 1/16 финал босқичида испанлар Австрия терма жамоасини 3:0 ҳисобида ишончли тарзда мағлуб этган эди.